Исломда намойишлар ўтказишнинг ҳукми

Бўлимлар: Муносабат

Зулмга қарши туриш, уни бартараф этиш учун курашиш, ҳеч бўлмаганда ўз норозилигини билдириш Ислом динида буюрилган амаллардан бўлса ҳам бугунги кун одамларига яхши таниш бўлган намойиш, митинг, юриш, пикет каби атамалар қадимда мавжуд бўлган эмас. Шу сабабли бу масалада ҳозирги замон уламолари орасида икки хил фикр шаклланган. Бир жамоа олимлар намойиш ва юришлар ташкил қилиш ва уларда иштирок этиш бидъат ёки ножойиз амал, дейишади. Яна бир гуруҳ уламолар назарида эса бу ишлар тегишли шартларга риоя қилган ҳолда жоиз ва зарур амаллардан саналади.

Жойиз эмас, дегувчилар мақсадга элтувчи воситаларни ҳам тор маънодаги ибодат қаторига киритишади ва бинобарин, улар Шариат соҳиби томонидан белгиланган бўлиши шарт, дейдилар. Жойиз деб билувчиларга кўра воситалар ҳадсиз-ҳисобсиздир ва уларга баҳо берганда “Тақиқланганми ёки тақиқланмаганми?” деган нуқтаи назардан қаралади. Воситаларга “Буюрилганми ёки буюрилмаганми?” деган мавқифдан қараш хато бўлади.

Воситаларнинг ҳукми мақсадлар ҳукмини касб этади. Агар мақсад шаръан матлуб бўлса, шариатда тақиқланмаган ҳар қандай мубоҳ иш унга эришиш воситаси бўлиб хизмат қилиши мумкин. Масалан, мазлумга ёрдам бериш шаръан талаб қилинган иш. Шу мақсадни амалга ошириш учун восита бўладиган хоҳ қадимий, хоҳ замонавий ҳар қандай услуб — агар шариат томонидан тақиқланган ҳаром иш бўлмаса — жойиз, балки лозимдир.

Маълумки, турли халқларда ўз фикрини билдиришнинг ҳар хил йўллари мавжуд. Ислом дини уларни қўллашдан ман қилмайди. Шундай экан, мусулмонларга қарши юритилаётган зулмнинг зиддига намойишлар ва митинглар ташкил қилишда бирор монелик кўринмайди. Бу ишлар энг кам миқдордаги вожиб амални бажариш бўлади.

(http://www.islamweb.net/ver2/Fatwa/ShowFatwa.php?Option=FatwaId&lang=A&Id=5843 )