Ҳижрат қилганим тўғри бўлганми ёки нотўғри?

Бўлимлар: 15. Ҳижрат

Савол: Мен бир неча ойдан бери Европа давлатларидан бирида турибман. Аҳли аёлим ва учта фарзандим Ўзбекистонда қолишган. Алҳамдуллилоҳ, моддий қийинчилик йўқ эди. Лекин мендаги Аллоҳ берган бир сифат, адолат ва эркинлик тарафдори бўлганим сабабли давлатимизнинг баъзи бир идоралари босимида ҳаёт кечирганман. Шу ниятларим билан мухолифат ҳаракатини тиклашга, ривожлантиришга ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилганман. Кейин мен кўп фикрлаб, яхши тарафга ўзгаришлар бўлмаганими, халқимизнинг қўрқув сифати олий даржадалигидан афсусланишми ёки доимий босимдан чарчаганимданми, ҳижрат ниятини қилиб, бу ерга келдим. Мени фикрларим шундай эди: ўзим ва оилам учун иншоаллоҳ бир эркин ва адолатли жой топаман, шу билан фарзандларимга ҳам илм олишга йўллар очилади, деган эдим. Лекин бу ерда мен ишим бўйича ҳали ҳам жавоб олмадим. Шу кечирган оғир кунларда кўп китоблар ўқидим… Бу ердаги муҳитни кўриб, ҳар хил фикрлар келаяпти. Аллоҳ бу кийинчиликларни бергани бежиз эмасдир. Балки бу ишим хато бўлдими, Аллоҳга хуш келмадими, шу билан мен ношукрлик қилиб қўйдимми, деб ўйлаяпман…

Ҳозир олдимда икки йўл турибди: биттаси – шу ерда ишимнинг давомини сабр килиб кутишим, иккинчиси – Ўзбекистонга қайтишим. Бу йўллардан қайсиниси ўзимга, динимга, Охиратимга хайрли бўлишини билишга ожизман. Сиздан илтимос қиламан, менга маслаҳатингиз билан ёрдам беринг.

Бахтиёр.

Жавоб: Аллоҳ сизни Ўз ҳидоятига бошласин. Ўзининг ёрдам ва марҳаматларини ато айласин. Мен сизнинг саволингизга умумий тарзда жавоб қила оламан. Яъни, агар ҳозирги кунда Ўзбекистонда диний эътиқодингиз туфайли сизнинг ҳаётингиз жиддий хавф остида қолган бўлса ва сиз унинг қаршисида ўзингизни ҳимоя қилишга ожиз бўлсангиз, у ердан бошқа юртга, Ислом аҳкомларини бемалол бажара оладиган ерларга ҳижрат қилишингиз дуруст бўлади. Агар сизга Ўзбекистонда жиддий хавф бўлмаса, мусулмон юртни ташлаб кетишга асос топилмайди.

Агар сиз ўз саволингизга бундан кўра кенгроқ жавоб қилинишини истасангиз, унда ўзингизнинг вазиятингизни батафсилроқ баён қилишингизга тўғри келади.

Ҳозир эса ҳижрат мавзусда айрим масалаларга тўхталамиз. Бунда эҳтимол сиз учун ҳам фойдали нуқталари бўлиши мумкин. Шу билан бир қаторда бу сўзларни ҳижратда юрганлар ёки ҳижрат қилишни ўйлаётганлар ҳам билиб қўйишлари фойдадан холи бўлмайди, иншоаллоҳ. Негаки, бугун ҳижратни баҳона қилиб, дунё излаб кетаётганлар ҳам йўқ эмас.

• Ҳижратнинг фарз бўлиши;
• Ҳижрат тўхтаган деювчи ҳадислар;
• Ҳижрат тўхтамаган деювчи ҳадислар;
• Фуқаҳоларнинг ихтилофлари;
• Дорулкуфрдан ҳижрат.