Закотнинг асли фақат олтин ва кумуш билан ўлчанади

Бўлимлар: 04. Закот

Савол: Менинг саволим закот нисоби ҳақидаги саволга берган  жавобингиз  хусусида. Бу  ерда сиз закот динор ва  дирҳам билан ўлчанади, дегансиз. Пул ҳар доим шу ҳолатда ўлчанадими? Ёки қўлидаги нақд пулдан ҳеч қандай тилла, кумушнинг нисобисиз 40дан 1% бериб юборса ҳам бўладими?

Муқаддас.

Жавоб: Закот хоҳ нақд пулдан берилсин, хоҳ тижорат молидан берилсин, албатта унинг асли олтин ва кумуш билан ўлчанади. Ҳеч қандай ҳисоб-китоб қилмасдан қўлидаги нақд пулнинг қирқдан бирини бериб юбориш билан закот фарзи бажо бўлмайди. Ҳар қандай ибодат ёки амалнинг асл замирида илм ва ният мавжуд бўлиши шарт. Илм ибодатнинг шариатга мувофиқлигини таъминлайди. Ният эса амалнинг холис Аллоҳ учун бўлишини талаб қилади. Кундалик эҳтиёжларидан ортиқ қанчадир пул ёки тижорат молига эга бўлган инсон молининг нисобга етган ёки етмаганини билиши фарзи айндир. Бунинг учун у аввало бу йил закот нисоби қанча деб белгиланганини билиши лозим. Сўнг қўлидаги молни шунга таққослайди. Агар моли нисобга етмаган бўлса, унга закот ҳам фарз бўлмайди. Закот фарз бўлмаган одам ўз ихтиёри билан истаган миқдорда холис садақа қилиши мумкин. Аммо унинг садақасига қирқдан бир қоидаси татбиқ қилинмайди. Қилган садақаси учун албатта ниятига яраша савоб олади, иншоаллоҳ.