Ҳақ йўлни қандай танилади?

Бўлимлар: 01. Эътиқод

Савол: Менинг бир яқин биродарим Хизбуттаҳрирга аъзо бўлибди. Мен билан анчадан бери баҳс қилади ва мени ҳам қўшилишимни хоҳлайди.

Мен баъзи уламоларнинг «Бу – адашган гуруҳ», деб айтганларини эшитган эдим. Аммо Ҳизбуттаҳрирнинг айнан қайси фикрларда адашганини билмайман ва биродарга нима деб жавоб қилишга бошим қотади.

Ҳизбуттаҳрирчилар ақидада адашганми? Айнан нимада адашганликларини, нима учун бу гуруҳга қўшилмаслигим лозимлигини менга тушунтириб берсангиз, илтимос.

Аллоҳ рози бўлсин.

З.

Жавоб: Аллоҳ таоло сизларни ҳам, бизни ҳам ҳақ йўлга бошласин. Биз учун ҳозир Ҳизбуттаҳрирнинг хатолари хақида гапиришга киришиш вожиб эмас. Балки биз учун ҳам, сиз учун ҳам Исломни яхшироқ билиш ва ўргатиш вожиб. Дунёдаги кўп чалкашликлар бесаводликдан келиб чиқади.

Исломнинг асл манбаси

Илм олиш ҳар бир мусулмон учун фарз экан, ким ва қайси гуруҳ бўлишидан қатъиназар Исломни асл манбасидан ўқиб-ўрганиши лозим. Негаки, турли-туман гуруҳлар ва уларнинг таълимотлари кейин пайдо бўлган. Энг аввал пайдо бўлгани – Қуръон ва ҳадислар.

Одамлар Аллоҳ осмондан нозил қилган энг сўнгги китобни яхшироқ ўқиб-ўрганишлари зарур. Унинг кейинидан ҳадиси шарифлар туради. Ҳадислар – Қуръоннинг шарҳи. Бу икки манбадан Ислом эътиқоди пайдо бўлади. Ҳаёт ва ўлим, дунё ва Охират, ҳақ ва ботил, жамият ва давлат, тоифалар ва дунёқарашлар ҳақида энг тўғрисини билишни истаган одам энг аввало эътиқод илмини эгаллаши зарур. Шунинг ўзидаёқ унга жуда кўп нарсалар ойдинлашади. Бугун роса ҳам чалкаш бўлиб кўринаётган ишлар осон ва тушунса бўладиган нарсага айланади. Аммо эътиқод илмини асл манбасидан ўрганмай шахсларнинг фикри билан ўралашиб қолган одам катта йўл қолиб, бошқа қўчаларда айланиб юрган кимса каби қийналиб кетади.

قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: «تركت فيكم أمرين لن تضلوا ما تمسكتم بهما : كتاب الله وسنة نبيه صلى الله عليه وسلم». (مالك بن أنس، ابن عبد البر، التمهيد).

Молик ибн Анас Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилганлар. У зот дедилар: «Мен сизларга икки ишни қолдирдим. Модомики, шу иккисини маҳкам ушлар экансизлар, асло адашмайсизлар: Аллоҳнинг китоби ва Унинг пайғамбарининг суннати». (Муватто, Ат-Тамҳид).

Меҳнатсиз роҳат йўқ

Ҳақни яхши таниб олиш, етарли даражада илм олиш учун инсонга тоқат керак. Ҳеч ким бесабрлик ва шошма-шошарлик билан мақсадга етмаган. Расулуллоҳдан бошқа ҳеч бир инсон ўқимасдан олим бўлмаган. Аммо айрим одамларда илм ўқишга қунт йўқ – ҳамма нарсани бир неча савол билан билиб олишни истайди. Бу меҳнат қилмасдан бир неча кун ичида миллионер ё миллиардер бўлишни хоҳлагандек гап. Аммо ҳаётнинг ўз қонунлари бор. Яхшироқ меҳнат қилмасангиз, яхши яшамайсиз. Ҳаракат қилмасангиз, ҳеч нарсага эришмайсиз. Чуқурроқ илм олмасангиз, ҳақиқатни пухта англамайсиз.

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: «… وَمَنْ بَطَّأَ بِهِ عَمَلُهُ لَمْ يُسْرِعْ بِهِ نَسَبُهُ». (رواه مسلم).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «… Кимнинг амали уни орқага тортган бўлса, насаби олдинга ўтказа олмайди». (Муслим).

Бу сўзни Расулуллоҳ илмнинг фазилатини баён қилаётган пайтда айтганлар. Илм олиш ҳам амал ва меҳнатдир. Қолаверса, солиҳ амаллар илм асосида қилингандагина натижа беради.  

Охири йўқ бефойда иш

Агар одамлар ёки гуруҳлар илмни асл манбасидан олмасдан, Қуръонни ўқиб-тушунмасдан, Расулуллоҳнинг суннатларини ўрганмасдан, бир-бирларининг хатоларини исботлашга киришсалар, охири йўқ, бефойда ишни бошлаган бўладилар ва тўғри йўлдан озадилар. Гуруҳлар ва хатолар шунақаки, бугун бунисини исботласанг, эртага орқасидан яна бошқаси чиқади. Инсоннинг куни хато исботлаш билан эмас, тайёр турган хатосиз хақ нарсаларни ўрганиш билан ўтгани яхши. Ёшлар ўқиб-ўрганиши керак бўлган очиқ-ойдин ҳақиқатлар, фойдали билимлар тўлиб-тошиб ётибди. Шубҳали нарсалар устида талашиб-тортишиш билан ўтадиган умр эсиз умр.

«Айнан нимада адашганликларини, нима учун бу гуруҳга қўшилмаслигим лозимлигини менга тушунтириб берсангиз», деган саволнинг жавоби шуки, бунинг учун сиз аввал Аҳли сунна валжамоа ақидасини ўрганишингиз керак. 

Дунёда нима кўп, ноҳақ йўллар кўп. Ҳақ йўл эса алҳамдулиллоҳ ягона. Шу ягона ҳақиқатда ҳамма нарса жамулжам. Бу ҳақиқат Аҳли сунна валжамоа йўли бўлиб, биз шу йўлда бўлишга, шуни ўрганишга буюрилганмиз. Қани, Аҳли сунна ақидасидан, шу йўлда тўпланган билимлардан қанчасини биламиз? Агар араб тилини билмасак, ўзбек ва рус тилларига таржима қилинган юзлаб асл манба китобларидан қанчасини ўқидик? Бу саволларга ижобий жавоб қила олсак, қалбимиз нурга тўлади, кўз олдимиз ёришиб кетади, иншоаллоҳ.

Туни ҳам кундек нурли йўл

عن العرباض بن سارية يقول وعظنا رسول الله صلى الله عليه وسلم موعظة ذرفت منها العيون ووجلت منها القلوب فقلنا يا رسول الله إن هذه لموعظة مودع فماذا تعهد إلينا قال قد تركتكم على البيضاء ليلها كنهارها لا يزيغ عنها بعدي إلا هالك من يعش منكم فسيرى اختلافا كثيرا فعليكم بما عرفتم من سنتي وسنة الخلفاء الراشدين المهديين عضوا عليها بالنواجذ وعليكم بالطاعة وإن عبدا حبشيا فإنما المؤمن كالجمل الأنف حيثما قيد انقاد . (رواه ابن ماجة وصححه الألباني).

Ирбоз ибн Сориядан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга шундай бир ваъз қилдиларки, ундан кўзлар ёш тўкди, қалблар қўрқувга тушди. Биз айтдик: «Эй Расулуллоҳ, бу – албатта хайрлашаётган одамнинг мавъизаси, бас бизга нимани буюрасиз?» Расулуллоҳ дедилар: «Мен сизларни ойдин ва тўғри йўл устида қолдирдимунинг туни ҳам кундузи кабидир. Мендан кейин ундан фақат ҳалок бўлувчилар адашади. Сизлардан кимки ҳаёт бўлса, яқинда кўп ихтилофларни кўради. Бас, сизларга менинг суннатимдан ва ҳаққа ҳидоят қилинган, тўғри йўлга бошловчи халифаларнинг суннатларидан билганларингизга амал қилишингиз вожибдир. Уларни маҳкам ушлангиз… (Ибн Можа ривояти, Албоний: саҳиҳ). 

Аллоҳга шукрки, биз туни ҳам кундек ёруғ ва нурли йўл устида эканмиз. Энди шу йўлда турган маънавий бойликларни қўлга киритайлик.

Аллоҳдан ҳаммамизга фойдали илмлар ва солиҳ амаллар сўраб қоламиз.