Ҳижоб ва таваккул (ибратли мактублар туркумидан)

Қуйида «Ислом Овози» саҳифасига ҳижоб масаласи ҳақида келган мактублардан айримлари билан танишасиз:

Ассалому алайкум, ҳурматли устоз. Аллоҳ қилаётган хизматларингизга беҳисоб ажру савоблар ато қилсин.

(Сизларга мактуб йўллаган бир) биродаримиз Ўзбекистонга бориб келишидаги қийинчиликларни ёзибдилар. Жумладан ҳижоб масаласида.

Биз ҳам Кореяда ишлаймиз. Оилам билан Ўзбекистонга бориб келганимизга 1 ойдан ошганича йўқ. Ҳижоб масаласида биз ҳам боришдан олдин қаттиқ хавотир қилган эдик. Лекин шундай бўлса ҳам аёлим Аллоҳга таваккул қилиб, шариатда кўрсатилганидек қилиб ҳижобини ўраб кетди. Боришда ҳам, қайтишда ҳам, аэропортда ҳам, кўча-куйда ҳам биров келиб «рўмолингни еч», ёки «нега сен ҳижобдасан», дегани йўқ. Аэропортда умуман ҳеч қандай муаммолар бўлгани йўқ.

Лекин маҳаллаларда маҳалла раислари ҳижоб ўраганларни чақириб «суҳбат» ўтказаётганлари, ҳижоб ўрнига рўмол ўрашни сўраётганлари бор гап экан. Афсуски, ўзимизнинг қариндошларимиздан бири мана шундай дўқ-пўписалардан кейин ҳижоб ўрнига рўмол ўрабди. Шунингдек мактаб, олий ўқув юртлари ва корхоналарда ҳам мастура аёлларни қўйишмаётган экан.

Лекин кўчада ҳижобли аёллар йўқ эмас (тўғри, баъзиларнинг ҳижобини ҳижоб дейишга ҳам тил бормайди), бемалол юришибди. Ҳеч ким тўхтатиб, қамаб қўяётгани йўқ.

Баъзи биродарлар мавҳум тазйиқлардан қўрқиб ҳам осонгина таслим бўлаяптилар.

Аллоҳ барчамизни ҳифзу ҳимоясида асрасин.

Абдулҳамид, 2010 йил

Иккинчи мактуб:

Ассалому алайкум, Ислом Овози. Бугун бир биродаримиз (сизлардан) рўмолни вақтинча ечиб туриш ҳақида савол сўраган эканлар. Мен ўзимнинг тажрибамдан келиб чиққан ҳолда фикримни билдирмоқчиман. Мен ҳам оилам билан Европада яшайман. Аёлим ҳижобда. Тошкентга таътилга бориб келишди. Яна яқинда қайтиб келишди. Лекин аэропортда ҳеч қандай муаммо бўлгани йўқ. Аллоҳга таваккул қилинса, иншааллоҳ ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Агар шу биродар кузатувда бўлмаса.

Аёлимни жўнатишдан олдин ҳам Аллоҳга дуо қилган эдим, келишидан олдин ҳам Аллоҳга дуо қилиб, сафарини бехатар қилишини сўраган эдим. Аёлимнинг ўзидан ҳам сўрадимки, борганда ҳеч ким ҳеч нарса демадими десам, йўқ, деди. Аёлимни ўзи айтдики, «Болам билан бўлганим учун чегарадаги паспорт контролидан навбатсиз ўтказиб юборишди», деди. Тошкентдан қайтишда ҳам, божхона хизмати, чегара хизмати, хавфсизлик хизматида ҳам ҳеч қандай муаммо бўлгани йўқ. Аёлимга 1та маслаҳат берган эдим. Аэропортдаги ходимлар билан фақат рус тилида гаплашгин деган эдим.

Иншааллоҳ, биродаримизнинг хавотирланишларига ўрин йўқ, деб ўйлайман. Ассалому алайкум.

Фарруҳ, 2010 йил