Намоз ўқимайдиган ота-онага қандай даъват қилинади?

Бўлимлар: 14. Даъват, илм

Савол: Сизнинг ҳар бир дарсингизни эшитиб келаман. Ўзим 2 йилдан буён чет элдаман. Шу ерга келиб ҳақиқий динни танидим. Шу боис сизни ва устоз Абдували қори акани дарсларини имкон қадар эшитиб келаман, лекин ота-онам булардан сал узоқроқ. Мен шошиб кетаяпманки, ота-онам тезроқ шу ҳаққа юрсалар. Менга озгина йўлланма берсангиз, ота-онамга қандай даъват қилай? Бенамозлик ҳақида жуда жиддий ҳукмлар мавжуд. Мен «Намоз ўқинглар, намоз ўқинглар!» – деб даъват қилайми ёки олдин бошқа масаладан бошлайми? Шу ҳақда бир маълумот берсангиз, илтимос. Шу улуғ ойдан фойдаланиб, ота-онамни ибодатга бошлаб олсам, дегандим. Олдиндан катта раҳмат. Аллоҳ рози бўлсин сиздан ва Ислом Овози таҳририяти ходимларидан.

Абдураҳмон.

Жавоб: Абдураҳмон биродар, Аллоҳ таолодан сизга ва ота-онангизга икки дунё саодати насиб этишини тилаймиз. Сизга ҳам уларга ҳам Аллоҳнинг ҳидояти муяссар бўлсин.

Аввало шуни эслатамизки, фарзанднинг даражаси қанчалик юқори кўтарилса ҳам ота-она ҳузурида ўзини уларнинг боласи эканини ҳис қилиб туриши лозим. Сиз ҳам ота-онангизга доимо ширин муомалада бўлишни унутманг.

Агар диндан хабари йўқ инсонни Исломга даъват қилинса, аввало Аллоҳ ва Охират ҳақида гапирилади. Сўнг иймон келтириш таклиф қилинади. Иймон калимасини айтгандан сўнг унга таҳорат, намоз ва бошқа ибодатлар ўргатилади. Сизнинг ота-онангиз Ўзбекистондаги кўпчилик инсонлар қатори Аллоҳни билишади, Охиратга ишонишади, бу ҳақда кўп эшитишган, калима келтиришган, валлоҳу аълам. Шунинг учун уларга Аллоҳ ва Охират куни ҳақида эслатиш билан бир қаторда намоз ўқиш кераклиги ҳақида аста-аста ва мулойимлик билан маслаҳатлар бериб боришингиз тўғри бўлса керак. Аммо бундай пайтда фарзанд ота-онасига ақл ўргатаётгандек мақомда бўлиб қолиши тўғри бўлмайди. Улар билан суҳбатлашганда ниҳоятда камтар бўлиш талаб қилинади.

Ота-она билан қандай муомала қилиш ва даъват қоидалари ҳақида қуйидаги суҳбатлардан ҳам қўшимча маълумотлар олиш мумкин:

Ичкиликка берилган отага қандай муомала қилинади?

«Отам билан соқол масаласида келиша олмаяпмиз»

Даъват билан шуғулланадиган одам нималарга эътибор бериши керак?