Сафардаги одамнинг рўзаси

Савол: Мен Хитойда ўқийман. Аллоҳга шукр, рўзаларни бошлаб олдим. Мен эртага кечаси Хитойнинг бошқа бир провинциясига боришим керак. Йўл жуда ҳам узоқ, поездда бораман, 48 соатли йўл. Рўзани тута олмасам нима бўлади? Шу ҳақида маълумот берсангиз.

А.

Жавоб: Аллоҳ таоло ибодатларингизни қабул айласин. Ўқишларингизда муваффақиятлар ато қилсин.

Аллоҳ Қуръонда сафарга чиққан одам учун рўзани очиш мумкинлигини ва кейин бошқа кунларда тутиб беришини баён қилган.

}أَيَّامًا مَعْدُودَاتٍ فَمَنْ كَانَ مِنْكُمْ مَرِيضًا أَوْ عَلَى سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِنْ أَيَّامٍ أُخَرَ {(سورة البقرة: آية 184)

«(Рўза фарзлиги) саноқли кунлар ичидадир. Бас, сизлардан кимки касал ёки сафарда бўлса, ҳисобини бошқа кунлардан тўлдиради». (Бақара, 184 оят).

Бинобарин, сиз ҳам сафар давомида шу рухсатдан фойдаланишингиз мумкин. Аммо бу сафарда рўзани очиш вожиб, дегани эмас. Агар мусофир одам рўза тутишга қодир бўлса, тутгани афзал.

Аллоҳ таолодан сизга ҳамма яхшиликларни ато қилишини сўраймиз.