«Мўмин киши мазҳабни қандай танлайди?»

Бўлимлар: 14. Даъват, илм

Савол: Мўмин киши мазҳабни қандай танлайди? Бир мазҳабни ўзига олиш олдидан нималарни билиши керак? Умуман мазҳаб ҳақида маълумот олиб шунга қараб бир аниқ фикрга келиб, ўша мазҳаб билан қолмоқчи эдим. Шундай қилсам тўғрими? Ёки нима қилишим керак?

Фарруҳ.

Жавоб: Мазҳаб сўзининг луғавий маъноси йўл дегани. Мазҳаблар Қуръон ва ҳадисларни тушунишдаги хилма-хилликдан келиб чиққан. Бу бир томондан Қуръон ва ҳадисларнинг нақадар чуқур маъноли ва кенг қамровли эканига далолат қилса, иккинчи томондан Ислом динидаги ҳурфикрлилик ва бағрикенглик кўринишларидан бири саналади.

Тарих давомида Ислом динимизда турли мазҳаблар вужудга келган. Уларнинг тўғрилари ҳам, нотўғри ва ботиллари ҳам бўлган. Асрлар давомида мазҳаблар синовлардан ўтган, тўғрилари сақланиб, нотўғрилари йўқолиб борган. Олимлар ҳар бир пайдо бўлган мазҳабга ўз вақтида баҳо беришган, нотўғрисидан қайтаришган, тўғрисини қўллаб-қувватлашган.

Ҳақ мазҳаблар Аҳли сунна вал жамоа номи билан танилган, улар ҳозирда мавжуд ва иншоаллоҳ то Қиёматга қадар сақланиб қолажак. Аҳли сунна вал жамоа тўрт фиқҳий мазҳабга бўлинган. Улар ҳанафий, моликий, шофеий ва ҳанбалий мазҳабларидир. Уларнинг барчалари ҳақ мазҳаблар деб тан олинган. Бу мазҳаблар орасидаги фарқлар у даражада кўп эмас. Мутлақ кўп масалалар бир-бирига мувофик келади.

Мўмин киши ўз мазҳабини қандай танлайди ёки аниқлайди, деган масалага келсак, бу инсоннинг қаерда, қандай муҳитда яшаётганига, дин аҳкомларини кимдан ўрганаётганига боғлиқ. Сизга таълим бераётган одам Аҳли суннанинг қайси мазҳабида бўлса, ёки сиз яшаётган маконда қайси мазҳаб кўп тарқалган бўлса, сиз ўша мазҳабда бўласиз. Бу илм олишнинг самарали йўлидир.

Таълим олиш ва беришнинг қадим замонлардан бери, уламолар орқали давом этиб келаётган тартиби шуки, талаба фикҳ соҳасида аввал тўрт мазҳабнинг бири бўйича илм олади. Мазҳаб бўйича матнларни мутолаа қилади. Сўнг шу мазҳабнинг далилларини ўрганишга ўтади. Ҳукмлар қайси оят ва ҳадислар асосида, қандай қоидаларга кўра чиқарилганини билишга ҳаракат қилади. Кейин-кейин бошқа мазҳабларнинг аҳкомлари, далиллари ва қоидалари билан танишади. Шундай қилиб инсон мазҳаблар орасидаги фарқларни таққослайдиган даражага етиши ва Ислом билимларидан кенг миқёсда бохабар бўлиши мумкин.

Бу сўзлар фикҳ яъни асосан ибодатларни ўрганиш борасидаги маслаҳатдир. Энди талаба ўзининг қобилият ва имкониятига қараб, фикҳ билан бир қаторда албатта ақида, ҳадис, тафсир ва бошқа фанлардан ҳам илм олиб бориши лозим.

Аммо инсон ҳали илм ўқишга бошламасдан туриб, ёшлигиданоқ «мeн бир мазҳабни танлаб, шу билан умрим охиригача қоламан» деб ният қилишга буюрилмайди. Исломдаги тўрт мазҳаб бу Исломий билимлар мажмуасидир. Ислом илмларининг эса ниҳояси йўқ. Ислом бир мазҳаб билан чегараланган эмас. Кимки қайси мазҳабда бўлишидан қатъий назар ҳамма илм ва ҳақиқат битта менинг мазҳабимда жамланган деб ўйласа, бу нотўғри. У одам камида кенг нарсани тор қилиб олган бўлади.

Аллоҳ бизни доимо илмимизни кўпайтириб боришга буюрган:

وَقُلْ رَبِّ زِدْنِي عِلْمًا. طه – 114

«Эй Раббим, менинг илмимни зиёда қил», деб айтинг!» (Тоҳо, 114).