Бемор аёлни даволатиш кимнинг вазифаси?

Бўлимлар: 16. Аёл, оила

Савол: Агар аёл киши бемор бўлса ва турмуш ўртоғи: «Сени даволатиш менинг вазифамга кирмайди» деса, бу аёлни даволатиш кимнинг зиммасида бўлади?

Бир муслима.

Жавоб: Аллоҳ сизнинг касалингизга шифо ато қилсин.

Аввало шуни таъкидлаймизки, Аллоҳ таоло Қуръони карим орқали оилада эркаклар раҳбар бўлишини тайин қилган.

الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاءِ بِمَا فَضَّلَ اللَّهُ بَعْضَهُمْ عَلَى بَعْضٍ وَبِمَا أَنْفَقُوا مِنْ أَمْوَالِهِمْ (النساء 34)

«Эркаклар аёлларга раҳбардирлар. Бунинг сабаби Аллоҳ уларни аёллардан устун қилиб яратгани ва уларнинг ўз молларидан сарф қилишларидир …» (Нисо 34).

Аллоҳ таоло мана шу устунлик ва раҳбарлик муқобилида оила таъминотини ҳам фақат эркакнинг зиммасига юклаган. Бинобарин, эркак киши аёлини ва болаларини озиқ-овқат, кийим-бош ва уй-жой билан таъминлаши фарздир.

Қуръони карим ва ҳадисларда келган буйруқлардан эркакнинг зиммасига юкланган нафақа фақат мана шу учта нарса экани маълум бўлади. Фуқаҳолар ҳам эркакнинг зиммасида шу уч турдаги нафақадан бошқаси фарз эмас деб айтишган. Жумладан, барча фиқҳ китобларида агар аёл бемор бўлса, уни даволаш харажатларини қоплаш эрнинг вазифасига кирмайди дейишган. (Мисол учун: Бадоеъ ус-саноеъ, 8-жузъ, 159-бет). Агар аёл кишининг ўз мулки бўлса, даволанишга ўшандан сарф қилади. (Таққослаш учун: Бундай тартиб қоида кўпгина номусулмон давлатларда амалда мавжуд).

Лекин Ислом дини мусулмонларни ўзаро бир-бирларига нисбатан меҳрибон ва мурувватли бўлишга чақиради. Машаққатли кунларда бир-бирларига ёрдамчи ва мададкор бўлишни улуғлайди. Яхшилик ва мурувват қилишга энг биринчи лойиқ бўлган инсонлар кимлар? Улар ҳар бир кишининг ўз аҳли ва оиласидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

«خيركم خيركم لأهله، وأنا خيركم لأهلي». (رواه الترمذي عن عائشة وصححه الألباني).

«Сизларнинг яхшиларингиз оиласига яхши муомалада бўладиганларингиздир. Мен сизларнинг ичингизда ўз оиласига энг яхши муомалада бўладиганингизман». (Термизий ривоятлари. Албоний, саҳиҳ).

Бу ва бошқа оятлар ва ҳадисларга кўра эркак киши ўз оиласига меҳрибон бўлиши тарғиб этилади. Агар аёл бетоб бўлса, эркак киши оиланинг ҳимоячиси, раҳбари сифатида ўз умр йўлдошининг кўнглини кўтарадиган ширин муомалада бўлишга буюрилади. Бу Ислом динимиз тарғиб қилган одамийлик тақозоси ва ахлоқий меъёрлар талабидир. Аёлини қаровсиз ташлаб қўядиган эркак гуноҳкордир.

Шу айтилганлар билан бир қаторда Ислом адолат дини экан, аёлнинг даволаниш машаққатларини ёлғиз эрнинг устига юклаб қўймасдан, аёлнинг ўз шахсий мулкидан ишлатишни буюради. Шу ўринда агар аёл киши ҳатто бой бўладиган бўлса ҳам унинг кундалик озиқ-овқати, кийим-кечаги ва яшаш шароитлари эрнинг бўйнида эканини назардан қочирмаслик лозим. Ислом қоидасига кўра ўз шахсий бойлигига эга бўлган аёл ҳам масалан, кундалик емоқ-ичмоғини, эридан талаб қилаверади.  Муҳими шундаки, мазкур уч турдаги ашъёлар инсон ҳар куни муҳтож бўладиган энг зарур эҳтиёжлардир. Аммо касаллик ҳолати эса, аҳёнда юзага келадиган ўткинчи ҳолат ва унинг моддий юкини кўтаришни (агар шахсий моли бўлса) аёлнинг ўзига таклиф қилинади. Бу ерда ҳеч қандай адолатсизлик йўқ. Чунки ўртада никоҳ мавжуд экан, ҳар қандай ҳолатда ҳам эркак киши уч турдаги асосий  таъминотдан ва жавобгарликдан озод этилмайди.

Агар аёл киши фақир бўлиб, ўзининг шахсий моли бўлмаса, унга Ислом динимизнинг бир қатор аҳкомлари татбиқ қилинади. Бундай муҳтож аёлни даволатиш харажатлари мусулмонлар жамоасининг ёки давлатнинг зиммасида вожиб бўлади. Аммо бу ишларни амалга ошириш, аёлга ёрдам қидириб топиш, уюштириш учун ҳаракат қилиш вазифаси аёлнинг валийлари устидадир. Бундай пайтда биринчи навбатда аёлнинг эри, ундан кейин эса бошқа маҳрамлари масъул саналадилар. Эр киши аёлнинг эри бўлгани учун эмас, балки аёлнинг маҳрами ва энг яқин кишиси бўлгани учун, отаси ёки ака-укалари, амаки-тоғалари эса валий бўлганлари учун унга ёрдам беришлари вожибдир.