«Кимнинг жавобига амал қилай?»

Домла, менинг баъзи хатларимга жавоб бермадингиз. Майли, мен Сиздан розиман. Яна саволим бор.

Сиз пайпоққа масҳ тортиш масаласига ҳадислар асосида рухсат берилганини айтгансиз. Лекин шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бу масалада рухсат йўқлигини айтганлар? Кимнинг жавобига амал қилай?

Ҳурмат билан Мираббос.

Ҳурматли Мираббос. Бизга келган саволларнинг кўплиги, вақтимизнинг эса чекланганлиги туфайли, афсуски, уларнинг ҳаммасига ҳам ўз вақтида жавоб қила олмаяпмиз. Сизнинг «менинг баъзи хатларимга жавоб бермадингиз» деган сўзингиз сабаб, саволларига жавоб олмаган биродарлардан узр сўрайман. Биз жавоб беришда ҳужжат ва далилларни зикр қилиб ўтирмасдан, ўзимизнинг сўзимиз ёки фикримиз билан гапиришга одат қилганимизда эди, балки кўп саволларга аллақачон жавоб бериб юборган бўлар эдик. Аммо бу услуб тўғри бўлмайди, валлоҳу аълам. Биз саволга жавоб тайёрлашда аниқ ҳужжат ва далилларга асосланишга ҳаракат қиламиз. То далил-ҳужжатларини аниқ билмагунимизча мавзуга киришмаймиз. Бизга юборилган саволларнинг жавоблари кечикадиган бўлса, ўйлайманки, одамлар бошқа манбаларга мурожаат қиладилар. Бу биз учун ҳам яхши имконият. Сиз ҳам мендан жавоб олмаган саволларингизга бошқа инсонлардан жавоб оласиз деб умид қиламан. Алҳамдулиллоҳким, дунёда аҳли илмлар ва уламолар кўп.

Биз юқорида далил-ҳужжатлар ҳақида гапирдик. Биз суянадиган далиллар Қуръон оятлари, саҳиҳ ҳадислар ва салаф фуқаҳоларнинг фатволаридир. Биз жавоб беришда мана шу учта манбани баробар, яъни кетма-кет зикр қилишга ҳаракат қиламиз. Фиқҳий масалалар ва ҳадисларни мувофиқлаштирган ҳолда сўзлаймиз. Зеро, фиқҳ Қуръон оятлари ва ҳадислар асосида пайдо бўлган. Фиқҳ ҳеч қачон оят ва ҳадисларсиз мавжуд бўлмайди. Шунинг учун биз оят-ҳадисларни ҳам, юртимизда ва дунёда кенг тарқалган ҳанафий мазҳаб уламоларининг фатволарини ҳам келтирамиз. Шу билан бир қаторда ҳозирги замон уламолари, машҳур илмий муаассасалар ва фатво ҳайъатларининг фикрларини зикр қиламиз. Чунки Ислом билимлари фақат битта мазҳаб билан чекланмайди. Ислом деганда ягона Аҳли суннанинг фақат бир мазҳаби тушунилмайди. Ҳанафий уламоларнинг китобларида ҳам бошқа мазҳаб уламоларининг фикрлари жуда кўп ўринда ҳурмат билан тилга олинади. Бу одат бугунги илм толиблари учун ҳам чиройли ибратдир. Мусулмон инсон илм ва тафаккур доираси кенг, тасаввур ва тушунчалари бой одамдир. У таассубдан холи, ҳақиқатни севадиган, ўзгалар фикрини ҳурмат қиладиган инсофли одам бўлади.

Сизнинг «пайпоққа масҳ тортиш масаласига ҳадислар асосида рухсат берилганини айтгансиз» деган сўзингизга келсак, бу масалада мен хужжатни фиқҳ китобларидан келтирган эдим. (Ал-Мабсут, Бадоеъ ас-Саноеъ). Сизнинг ёдингизда эса у китобларнинг номи эмас, фақат ҳадислар қолган экан. Майли, бу ҳам яхши. Биз зикр қилган ўша ҳадисларни биздан аввал – Аллоҳ раҳмат қилсин – ҳанафий уламолар келтиришган ва биз улардан олдик.

Сизнинг: «Лекин шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бу масалада рухсат йўқлигини айтганлар? Кимнинг жавобига амал қилай?» деб сўраган саволингизга жавобим шуки: сиз бемалол шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг сўзларига амал қилаверинг, хато қилмаган бўласиз. Чунки пайпоққа масҳ тортмасангиз, ихтилофдан холи бўласиз.

Ҳар икки қавл ҳам фиқҳ китобларида мавжуд…