Тун қисқа бўладиган минтақаларда шом билан хуфтонни жамлаб ўқиш мумкинми?

Бўлимлар: 02. Намоз

Савол: Мен бир неча йилдан бери Швецияда, Стокгольмда яшайман. Стокгольм марказида арабларнинг катта масжиди бор. Биласиз, ёзда кунлар узоқ бўлади. Шом ва хуфтон намозлари вақти кеч киради. Жамоат хуфтонни кутганча ухлаб қолиб, намоз қазо бўлган ҳолатлар бўлган. Шунинг учун масжид ходимлари шароитга мос фатво олишган. Яъни бу масжидда мусулмонлар шом вақтида шом ва хуфтонни бирга қўшиб ўқишади. Шунга нима дейсиз? Қиш пайти бўлса, пешин намози фақатгина 11:20 ва 12:20 орасида ўқилиши мумкин ва улгуриш жуда ҳам қийин бўлади. Шуларни ҳам қўшиб ўқиса бўладими? Вақтингизни ажратганингиз учун Аллоҳ рози бўлсин.

Умар.

Жавоб: Биз ушбу масала юзасидан қадимги даврда ўтган уламоларнинг ҳам, ҳозирги замон уламоларининг фикрлари билан танишдик. Ҳозирги кунда Ислом оламида фаолият юритаётган машҳур илмий ҳайъатларнинг фатволарини кўздан кечирдик.

Қийин шароитларда икки намозни жамлаб ўқиш масаласидаги фатволарнинг хулосаси қуйидагича:

• (Ислом олами уюшмаси) Ислом фиқҳи академияси: Кун давомида намоз вақтлари аниқ зоҳир бўлмайдиган минтақаларда намоз ва рўза шу минтақага энг яқин ўлканинг вақтига мослаб адо этилади. Сафардан бошқа пайтда икки намозни жамлаб ўқиш мумкин эмас;
• Фатволар бўйича доимий қўмита: Тун қисқа бўладиган мамлакатларда ҳам намозни ўз вақтида ўқиш фарз. Мусулмон инсон ибодатга сабр қилиши ва Аллоҳдан ажр умид этиши лозим. Аммо ёмғир ёки бошқа узр сабабли икки намозни баъзан жамлаш мумкин;
• Ал-Азҳар жомиаси: Агар айрим қийинчиликлар юзага келса ҳам, мусулмон одам ибодатни жамламасдан ўз вақтида адо этишга ҳаракат қилиши лозим. Аммо инсонни ҳолдан тойдирувчи машаққат юзага келганда енгиллик берилади;
• Европа фатво мажлиси: Ёз пайтида хуфтон намозини ўз вақтида ўқиш одамларга қийинчилик туғдиради. Бундай пайтда шом билан хуфтонни жамлаб ўқиш жоиз.

Биз ушбу фатволарнинг хулосаси тарзида Ислом олами уюшмаси («Робитатул оламил исломий») қошидаги Ислом фиқҳи академияси (Алмужаммаул-фиқҳил-исломий)нинг қарорини тўғрироқ деб билдик.

Бинобарин, тун ниҳоятда қисқа бўладиган ёки умуман тун бўлмайдиган минтақаларда шом билан хуфтонни ёки пешин билан асрни жамлаб ўқиш тўғри эмас. Аммо айрим истисноли, узрли ҳолатларда (масалан, қаттиқ ёмғир, тошқин, бўрон пайтида) икки намозни жамлаш жоиз. Намозларни жамлаб ўқишни одат тусига киритиш мумкин эмас.

Энди бу фатволар ва хулосаларнинг тафсилотига ўтамиз.