Ўзбекистонда «Жамоати Таблиғ»га аъзолик бўйича ҳукм

Бўлимлар: Радиосуҳбатлар

Ўзбекистон ҳукумати «Жамоати Таблиғ» ташкилотига аъзоликда ва жиноий фитна уюштиришда айбланган уч кишини узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм қилган.

Ўзбекистондаги ўзининг мустақил ахборот агентлиги эканини урғулайдиган Press-uz.info интернет саҳифаси Хоразм вилояти Боғот ва Хева туманилик уч киши 11 ва 14 йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилганини хабар берган.

Хабарга кўра, Зафар Худойберганов ва ака-ука Юсуф ва Баҳодир Аҳмадовлар Қозоғистонинг Актобе шаҳрига ишлашга боришган, у ерда экстремистик «Жамоати Таблиғ» гуруҳига қўшилганлар.

Сўнгра Хева, Боғот ва Қўшкўпир туманилик бошқа ёш йигитларни ҳам пул топиш мақсадида Қозоғистонга чақиришиб, уларни «Таблиғ» йиғилишларида иштирок этишга мажбурлашган, деб ёзилади хабарда.

Press-uz.info маҳкама айбдор деб топган шахслар тақиқланган компакт-дисклар, аксилконституциявий, жиҳодга ва Ўзбекистондаги конституциявий тузумни ағдаришга даъват этувчи адабиётларни сақлаганлар, деб ёзади.

Ўзбек ҳукумати «Жамоати Таблиғ»нинг экстремист гуруҳ эканини айтади, бироқ кўп таҳлилчилар уни сиёсатга аралашмаслик ва ҳукуматга бўйсуниш амал қиладиган асосий тамойили бўлган гуруҳ, деб тарифлайдилар.

Охирги йилларда Андижон вилояти, Тошкент шаҳрида «Жамоати Таблиғ» аъзолари деб кўрилган шахслар устидан қатор маҳкама жараёнлари ўтказилиб, улар қамоқ жазоларига ҳукм этилганлар.

Хўш, Ўзбекистон ҳукумати экстремист гуруҳ, деб атаётган «Жамоати Таблиғ» жамоати ва унинг Ўзбекистондаги фаолияти ҳақида нималар маълум? «Би-би-си» ушбу саволни таниқли имом Обидхон қори Назаровга берди.

Обидхон қори Назаров: Бу жамоат ўтган асрнинг бошлари ёки ўрталарида Ҳиндистонда пайдо бўлган исломий бир жамоат. Улар ўзларининг шароитларидан келиб чиқиб, ўзлари яшаётган муҳит, жамиятдаги мусулмонларнинг аҳволидан қайғуриб, мана шундай бир даъват гуруҳини тузганлар. Улар раҳбарлари Шайх Илёс деган киши ҳақида ҳикоя қилишади. Бу – одамларни Исломга чақирадиган бир ҳаракат ва улар ўзларининг ишларида баъзи бир жиҳатларни тамойил қилиб белгилаб олишган. Ўзларининг беш-олти хил шартлари, тамойиллари бор. Шулардан биттаси – сиёсатга аралашмаслик.

Би-би-си: Бу жамоатнинг Ўзбекистондаги фаолияти ҳақида нима маълум? Яъни, Ўзбекистонда қачон пайдо бўлган бу жамоат, қанча аъзоси бор?

Обидхон қори Назаров: Ўзбекистонда улар Совет империясининг сўнгги йилларида пайдо бўлишди. Кела бошлашди, десак тўғрироқ бўлади. Бу жамоатнинг асосий марказлари Бангладешда, кейин Покистон, Ҳиндистонда. Ана шу ердаги даъватчилар, ушбу ҳаракатга қўшилган уламолар 1980-йиллардан кейин Ўзбекистонга, балки Совет Иттифоқига кела бошлашган. Ўша пайтда улар даъватни фақат масжидларда олиб боришарди. Диний идорага меҳмон бўлиб келишарди. Диний идоранинг баъзи раҳбарлари, жумладан, раҳматли Зиёвуддинхон қори – муфтий ҳазратлари уларни жуда яхши кутиб олардилар. Кейин масжидларга юборишга ёрдам берардилар. Даъватларни қилиб кетишарди. Аммо Ўзбекистон аҳлидан уларга қўшиладиганлар эса кейинроқ пайдо бўлди. Совет даврида оддий одамлар улар билан юришга, улар билан учрашишга журъат қилолмас эдилар. Чунки назорат қаттиқ эди. Мустақилликдан сўнг бир оз эркинлик бўлгандан сўнг оддий одамлар ҳам бемалол улар билан бирга даъватларга, сафарларга чиқадиган бўлишди. 90-йиллардан кейин бу нарса анча кучайди, ривожланди то мана бу тазйиқлар, репрессия, қатағон бошлангунча. Икки йиллар давомида «Таблиғ» жамоаси ҳам жуда эркин фаолият юритди, шахсан менинг ўзим ҳам бир-икки марта сафарга чиққанман улар билан. Уларнинг ҳаракатлари, фаолиятларидан яхши хабардорман.

Би-би-си: Сиз бу жамоа сиёсатдан йироқ, деб айтдингиз. Лекин Ўзбекистон шароитида, айтайлик, улар ўзларининг ўша ақидаларидан чекиниб, қайсидир маънода сиёсий фаолиятга аралашган ва ҳукумат айтаётганидек, конституцион тузумга, давлат тузумига тажовуз солаётган бўлиши мумкинми?

Обидхон қори Назаров: Асло. Бундай бўлиши асло мумкин эмас. «Таблиғ» жамоаси ҳақида бундай сўзларнинг айтилиши Ўзбекистон ҳукуматининг сиёсати ёлғонга асосланган эканини исбот қилади. Чунки бошқа ҳамма гуруҳларни тақиқлаганда, айблаганда ҳам, масалан «Таҳрир» ёки қуролли ҳаракатларни айблаганда ҳам, «Таблиғ» жамоасини экстремизмда ёки давлат тўнтаришида айблаши умуман ақлга тўғри келмайдиган, ҳеч бир қуюшқонга тушмайдиган нарса.

Манба: «Би-би-си»